"Tumor" Ansabilining Konserti

Jm 14.06.2019 18:30

Бугунги Ўзбекистон халқлари рақс санъати ўзгача жозибали ва қадим даврлардаёқ ривож топган. У ўзбек миллатининг бутун гўзаллигини ўзида намоён этади. Ўзбек рақсининг бошқа Шарқ халқлари рақсларидан асосий фарқи шуки, биринчидан, унда қўлнинг нозик ва маъноли ҳаракатларига алоҳида аҳамият берилади, иккинчидан, у имо-ишораларга бойдир.  Ўзбек миллий рақси бугунги кунга икки шаклда етиб келди: анъанавий мумтоз рақс ва халқ (фольклор) рақси.

Анъанавий рақсда Фарғона ("Катта ўйин"), Бухоро ("Мақом рақси"), Хоразм ("Уфори мақом") мактаблари кенг тарқалган.

Фарғона гуруҳи рақслари ҳаракатларнинг бир маромда эканлиги ва ифодалилиги, енгил ва оҳиста қадамлар, бир жойда ва айлана бўйлаб ўзига хос ҳаракатларни бажариш билан фарқланади. Бухоро рақси ҳаракатларнинг кескинлиги, елкаларнинг орқага ростлангани ва жуда чиройли зарҳал либослар билан ажралиб туради. Хоразм услуби ҳам ўзига хос ҳаракатлари билан фарқ қилади.

Ўзбек халқ рақси деярли барча минтақаларни қамраб олган бўлиб, бунда турли хил йўналишларни учратиш мумкин. Бу рақслар барча оилавий, қишлоқ, шаҳар тантаналарида ва байрамларида жонли тарзда ижро этилади, авлоддан авлодга ўтади ва шу тахлит қадимий рақс анъаналари сақланиб қолади.

 Республикада миллий мумтоз рақс анъаналарини сақлаб қолган ва ташвиқот қилаётган ансамбллардан бири «Тумор» бўлиб, у 2011 йилда Чарос Жўрабоева раҳбарлиги остида ташкил этилган. 2017 йилдан ансамбль А. Навоий номидаги ДАКТ жамоаси таркибига театрнинг ёш балет-ансамбли сифатида кирди. Ансамбль репертуари анъанавий мумтоз, ўзбек миллий ва дунё халқлари рақсларига асосланган бўлиб, уларни саҳналаштирувчи хореографлар – Чарос Жўрабоева ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Нгархан Назарова.

Foydali ma`lumot