J. Puchininig «Toska» operasi

Ysh 27.10.2019 18:00

A. Navoiy nomidagi DAKT

44 000 - 55 000 UZS

Chiptalar qaytarib olinmaydi.

  • БИРИНЧИ ПАРДА

    Римдаги Сант-Андреа черкови. Бу ерда қўрғондан қочган сиёсий маҳбус, Рим Республикасининг собиқ консули Чезаре Анжелотти паноҳ топган. Айнан шу ерда, опаси – маркиза Аттавантининг ибодатхонасида унинг қочиши ва кейинчалик беркиниши учун мўлжалланган кўйлак яшириб қўйилган.

    Рассом Марио Каварадосси черковда Магдалина қиёфасини акс эттириш билан банд. Унинг юзи кўпинча шу ерда ибодат қилувчи маркиза Аттавантининг қиёфасини эслатади. Илоҳий қиёфада ибодатга келиб юрувчи оддий аёлнинг сиймосини акс эттириш куфр деб ҳисоблайдиган Ризничий бу ўхшашликдан норози. Рассомнинг ўзи эса бу ўхшашликдан мамнун – дарҳақиқат, у нотаниш лобар аёлнинг сиймосидан илҳом олган. Бироқ рассомнинг кўнгли ва қалбини ажойиб хонанда Флория Тоска ром этган. Ризничий кетгач, Марио ибодатхонага беркиниб олган Анжелоттига кўзи тушиб, таажжубда қолади. Дўстининг қорнини тўйғазгач, унга ёрдам бериш ва кўмаклашишни ваъда қилади. Флория Тосканинг келиши қочоқни яна ибодатхона ичига беркинишга мажбур этади. Флория севгилиси дийдорига ошиқади, бироқ рассом ўзини ғайритабиий тутишидан аёл шубҳалана бошлайди ва Магдалинанинг қиёфаси маркизаникига ўхшаш эканлигини сезиб қолиб, рашки янада оловланади. Марионинг эҳтиросли сўзлари туфайлигина Флория ўзини босиб олади.

     Тоска кетгач, рассом дўстига унинг вилласида яширинишни таклиф этади. Хавф туғилгудек бўлса у ерда қудуқнинг махфий бўлмасига беркиниб олиш мумкин. Қалъадан тўп овози эшитилади – бу кимдир қочганини сезиб қолишганидан дарак берарди. Каварадосси дўсти Анжелоттини келишилган хуфя жойга юборишга шошилади.

    Соборда қочоқ маҳбусни қидириб юрган полиция бошлиғи Скарпиа ва унинг қўл остидагилари пайдо бўлишади. Капеллада маркиза Аттавантининг исми ёзилган елпиғич ва рассомнинг озиқ-овқатлардан бўшаган савати топиб олиниши Скарпиага қочоқнинг изига тушишга ёрдам беради. Тоска черковга қайтади. Топиб олинган елпиғич ва Магдалинанинг қиёфаси маркизаники билан бир хиллигидан фойдаланган Скарпиа устомонлик билан аёлда рашк ўтини янгидан авж олдиради. Ғазаб отига минган Флория Каварадоссининг вилласига йўл олади. Скарпиа уч нафар изқуварини аёлнинг ортидан жўнатади.

    Черков одамлар билан тўла бошлайди. Наполеоннинг лашкари устидан ғалаба қозонилгани хабари етиб келади. Тантанавор ибодат бошланиб кетади. Тоска ўзи билмаган ҳолда мураккаб ўйиннинг иштирокчисига айланиб қолади – Скарпиа бу ҳийла натижасида нафақат Анжелоттини тутиш ва Мариони қатл этиш, балки латофатли Флориянинг ўзини, яъни хуфёна эҳтироси мақсади бўлмиш аёлни ҳам нафсига бўйсундиришдан умидвор эди.

     

    ИККИНЧИ ПАРДА

    Скарпианинг Фарнезе палаццосидаги хонаси. Муҳаббат лаззатидан сармаст полиция бошлиғи миршаб Шароне орқали Тоскага ўз ҳузурига тез етиб келиш таклифини етказади. Изқувар Сполетта рассомнинг вилласида қочоқ йўқлиги ҳақида хабар беради, бироқ Марионинг ўзи қамоққа олингани ва сўроқ қилиш учун келтирилганини маълум қилади. Рассом барча айбловларни кескин рад этади. Қийноқларга ҳукм қилинган бўлса-да, кириб келган Флорияга ҳеч нарса ҳақида гапирмаслик лозимлигини айтишга улгуради.

    Скарпиа гапни айлантириб, қочоқ қаерга яширинганини Тоскадан билиб олмоқчи бўлади, бироқ бундан ҳеч иш чиқмайди. Лекин севган ёрининг аянчли қичқириқлари ва инграшларига Тоска ортиқ чидаёлмай, Анжелоттининг яширинган жойини айтишга мажбур бўлади. Полициячилар ҳушини йўқотган Каварадоссини олиб киришади. Ўзига келгач, у Тоскага савол билан мурожаат қилади – оғзингга маҳкам бўлдингми? Тоска тасдиқ жавобини беради. Бироқ Скарпианинг вилладаги махфий қудуқни тинтув қилиш ҳақидаги буйруғини эшитгач, у гап нимадалигини фаҳмлайди. Жаҳл устида Марио маъшуқасини қоралайди. Шу вақт Шароне Наполеон устидан қозонилган ғалаба ёлғон эканлиги ҳақидаги хабарни келтиради. Бонапарт лашкари Австрия қўшинини тор-мор этиб, шитоб билан Римга яқинлашиб келмоқда эди. Каварадосси сапчиб ўрнидан туради ва Скарпиага ташланади, унинг қўлларини қайириб турмага олиб кетишади.

    Скарпиа Тоскага маккорона битимни таклиф қилади. Яъни агар Флория Скарпианинг эҳтиросини қондирса, у Каварадоссининг ҳаётини ва эркини сақлаб қолади. Ғазабланган Тоска бу таклифни рад этади. Бироқ маккор Скарпиа ўзининг тийиқсиз эҳтиросини жиловлай олмайди. Чорасиз қолган Флория куч ато этишини ва ҳимоясига олишини сўраб Яратганга илтижо қилади. Кириб келган Сполетта Анжелотти қамоққа олиш чоғида ўзини отиб ўлдирганини, рассом эса тонг саҳарда қатл этилишини хабар қилади. Тосканинг ён беришдан ўзга чораси қолмайди… Скарпиа Мариога ичи бўш ўқлар билан ўқ узишлари ҳақида маълум қилади ва Сполеттага тегишли кўрсатма беради. Тоска қўярда-қўймай Скарпиага ўзи учун рухсатнома ёздириб олади – унинг ёрдамида Марио билан бирга Римни тарк этади. Шу орада  Флория стол устида турган ханжарни сездирмай орқасига яширади. Ғолиблик нашидасини сураётган Скарпиа Флорияни қучоғига олмоқчи бўлганида Тоска унга ханжарни санчади. Ҳамма нарса хамирдан қил суғургандай осон ҳал бўлишига ишонган Тоска қўлидаги рухсатнома билан севгилисини қутқаришга ошиқади…

     

    УЧИНЧИ ПАРДА

     Сант Анжело қалъаси минорасидаги майдон – маҳбусларни қатл этиш жойи. Бу ерга қатл этилишига бир соат қолган Каварадоссини келтиришади. Ҳаётининг сўнгги дақиқаларида у маҳбубасига видолашув хатини ёзади. Тўсатдан Тоска пайдо бўлади. У кутилаётган қатл ва Скарпианинг ўлими ҳақида гапириб беради. Ўлими онлари яқинлашганини сезган Каварадосси сўнгги дақиқаларигача Тоскани ва унинг умидларини қўллаб-қувватлайди.

     Маҳкумнинг қаршисида аскарлар саф тортишади. Бараварига отилган ўқ овозлари эшитилади ва Марио йиқилади. Тоска унга томон отилади, Бироқ Скарпианинг хиёнаткорлигини у жуда кеч англаб етган эди. Каварадосси энди йўқ. Скарпианинг ўлими маълум бўлди – Сполетта ва Шароне Тоскани қувиб келишмоқда. «Оҳ, Скарпиа, ҳақ-ноҳақлигимизни ҳал қилиш Худойимга ҳавола!» – дея хитоб қиларкан, у дунёда Яратган қаршисида зўравоннинг қотиллиги учун жавоб бериш ва Марио билан абадул-абад қовушиш учун тайёр ҳолда ўзини панжарадан пастга отади...

O`tkazish joyi

A. Navoiy nomidagi DAKT

Manzil
Toshkent, Zarafshon ko'chasi, 28 uy
Telefon
+998 71 233 90 81
Foydali ma`lumot

Chipta narxiga hizmat haqi qo`shiladi 10% (QQS 21%) har bir chipta uchun

Tadbirning davomiyligi:
18:00 - 20:30 - Ysh, 27 Okt