P. Maskannining "Qishloq sharafi" operasi

Psh 5.12.2019 18:30

ҚИСҚАЧА МАЗМУНИ.

Сицилия қишлоғи... тахминан 1880 йил.
Бир вақтлар ҳамқишлоғи Лолани севган деҳқон Турриду янги хуштори – Сантуцца билан банд бўлди-қолди. Аравакаш Альфиога турмушга чиққан Лола никоҳда бахтини топмайди ва Турридунинг юрагида яна эски ҳис-туйғуларни алангалантиради. Турридунинг Сантуццадан кўнгли қолади ва қизни чорасизлик гирдобига ташлайди.

Сантуцца Туриддунинг онаси Лючияга ўзининг аччиқ севги қисматини бошдан оёқ айтиб беради.

Лоланинг эри рафиқасининг садоқатли эканига заррача шубҳаланмайди.

Сантуцца Турридуга ёнига қайтишини ўтиниб ёлворади. Бироқ қизнинг рашкчилиги йигитнинг асабини қўзғатади.

Лола пайдо бўлади ва Туридду гўзал ҳамда ишвакор аёлнинг кетидан шошилади. Сантуцца унинг йўлини тўсади. Бунга жавобан Туридду жонига теккан жазманини қўполлик билан итариб юборади. Қиз йиғи аралаш хиёнаткорни лаънатлайди... Бирдан у аравакаш Альфиони учратиб қолади ҳамда унга Туридду ва Лоланинг жинояткорона севгиси ҳақида гапириб беради. Альфио ақлини йўқотиб, ғазаб отига минади ва ўч олишга қасам ичади.

Халқ пасха муносабати билан черковда қилинган ибодатдан чиқиб келади. Туридду аравакашни вино билан меҳмон қилмоқчи бўлади, бироқ аравакаш унинг стаканини уриб юборади. Бу ҳақоратни фақат қон билан ювиш мумкин эди. Туридду сицилияликларнинг одатига кўра Альфиони қулоғи ортидан тишлайди. Бу чақириқ эди.

Олишув пичоқлашув шаклида бўлиб ўтади ва унда ҳаёт-мамот масаласи ҳал этилади. Бирдан Туридду ўзига келади. У иккиланиб қолади: агар уни ўлдиришса, Сантуцца ёлғиз қолади. У Альфио билан ярашишга ҳам рози бўлади, бироқ энди кеч эди. Альфио уни қишлоқ чеккасида кутишини айтади…

Туридду онаси билан рози-ризолик қилади. Сантуцца олдида ўзини айбдор ҳис этиб, онасидан қиз ҳақида ғамхўрлик қилишини сўрайди.

Даҳшатли жимлик ортидан аянчли қичқириқ эшитилади: «Туриддуни ўлдиришди!»

Foydali ma`lumot