A. Melikovning «Ikki Yurak Dostoni» Baleti

Jm 14.02.2020 18:30

Қисқача мазмуни

 

Биринчи парда

Биринчи кўриниш

«КОМДЕНИНГ СУРАТИ»

Қорашоҳнинг саройи. Сарой аҳли навбатдаги юришдан қайтаётган ҳукмдорини кутмоқда. Сарой қизлари ва аскарлар уни рақслар билан кутиб олишмоқда.  Бироқ Қорашоҳ ҳар бир ҳаракати чуқур мазмун касб этувчи, ўзи ёқтирган раққоса Комденинг гўзаллигини кўрсатувчи нафис, латофатли рақсдан баҳраманд бўлиш ниятида. Бу рақс – шод-хуррамликнинг бутун бир  достони, мадҳияси.

Қорашоҳ Комденинг рақсларини томоша қилади, сарой рассоми эса қизнинг суратини чизиш билан овора. Рақс ниҳоясига етди, портрет ҳам тугалланди. Комде суратдан ғоятда завқланган, у Қорашоҳга ҳам ёқди. Қорашоҳ Комдени севади ва унга ҳар хил йўллар билан муҳаббатини кўрсатади. Бироқ жуда ёш раққосага бу ҳис-туйғу ҳали маълум эмас. Қорашоҳ маккорлик қилади: рассом бундан буён шунга ўхшаш ажойиб асарни ҳеч қачон ярата олмаслиги учун уни кўз неъматидан жудо қилишга буйруқ беради.

Комде саросимада – у бундай шафқатсизликка йўл қўя олмайди ва айёрлик йўлига ўтади. Қиз портрет яхши чиқмаганини баҳона қилиб, уни ўзгартиришни сўрайди. Жаҳли чиққан Қорашоҳ кетади.

Комде рассомнинг қобилиятига таҳсинлар ўқийди, йигит эса қизнинг раққоса сифатидаги санъатига маҳлиё бўлади.

Комде рассомга саройдан қочишга ёрдам беради.

 

Иккинчи кўриниш

«МОДАННИНГ СУРАТИ»

Бошқа мамлакатдаги тоғ этагида жойлашган майдон. Бу ерда ёшлар йиғилишган. Қизларнинг чиройли, оҳиста хиром айлашлари йигитларнинг шиддатли рақслари билан алмашинади.  Хонанда ва мусиқачи, ҳамманинг эътиборини қозонган Модан шод-хуррамликнинг марказида. Унинг танбури куйлайди ва ҳаммани рақсга чорлайди.

Бу ерга рассом ҳам келади. У ўзинининг энг ажойиб асари – Комденинг суратига қараб тўймайди. Модан рассом билан тўқнаш келиб қолади ва суратга кўзи тушади, қизнинг гўзаллиги уни ром этади. Бундан буён усиз яшай олмаслигини тушунган Модан дўстлари билан хайрлашади ва тақдирини излаб йўлга тушади.

 

Иккинчи парда

Учинчи кўриниш

«КОМДЕНИ ИЗЛАБ»

Ярмарка майдони. Мусиқачилар, хонандалар, раққосларнинг мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Кўп сайру саёҳатлар ва қидирувлардан сўнг Модан шу ерга келиб қолди. У ўз севгиси ҳақида куйлайди, ҳамма ерда Комдени излайди.

Ногаҳон майдонга Қорашоҳнинг соқчилари бостириб киришади. Йўлларида учраган ҳамма нарсани яксон қилиб, улар масхарабозлар, хонандалар ва мусиқачиларни ўзлари билан олиб кетадилар.

Уларнинг ортидан Модан ҳам боради.

 

 

Тўртинчи кўриниш

«УЧРАШУВ»

Саройда шод-хуррамлик авжида. Саройга майдондан келтирилган мусиқачилар ва масхарабозларни олиб киришади. Сарой аҳли Қорашоҳнинг кўнглини олиш билан овора. Сарой қизларининг рақслари хушомадгўй масхарабозларнинг ўйинлари билан алмашинади.

Энди эса Моданнинг қўшиғи янграб бошлади.

Комде севги ҳақида  бу қадар ажойиб куйлаётган келишган йигитни кузатади. Қиз йигитнинг танбури ноласига маҳлиё бўлиб рақсга туша бошлайди.

Икки қалб бир маромда куйлайди, улар ўз муҳаббатлари ҳақида сўзлайдилар, улар учун ҳозир дунёда  ҳеч ким йўқ, буюк муҳаббат ва сеҳрли танбурнинг ноласигина мавжуд, холос.

Қорашоҳ ғазаб отига минган. У ўзига тегишли буюмга кўз олайтиришга ҳадди сиққан сурбет йигитнинг бошини танасидан жудо қилишни буюради. Раҳм-шафқат сўраб ёлворишлар ва Комденинг муҳаббатидан умидворликкина Моданни  ўлимдан сақлаб қолади.

Қорашоҳ Моданни саройдан ҳайдаб солади.

Танбур чилпарчин бўлган, севишганлар бир-бирларидан ажратилдилар, лекин уларнинг қалблари ҳамон бирга.

 

Бешинчи кўриниш

«МОДАННИНГ ОРЗУЛАРИ»

Бепоён саҳро. Муҳаббат шаробидан тинкаси қуриган Модан ҳар ерда Комдени кўради. Севги косаси тўлиб-тошган ва у худди Мажнун каби севикли ёри билан айрилиқ азобидан адо бўлмоқда.

Моданни қутқариш илинжида дўстлари келишади. Бироқ ўз муҳаббати ҳақида куйлаб, Моданнинг ҳаёт чироғи сўна бошлайди.

Халқ Моданнинг ўлимидан қаттиқ куйинади.

 

Олтинчи кўриниш

«КОМДЕНИНГ ОРЗУЛАРИ»

Ажойиб боғ. Моданнинг танбурини қучган ҳолда Комде суюкли ёрини қўмсайди.

Қорашоҳнинг кириб келиши Комденинг орзу-хаёлларини чилпарчин қилади. Қорашоҳ қизга нисбатан ҳис-туйғулар билан тўлиб-тошган ва унинг муҳаббатини истаб ёлворади. Бироқ Комде ҳеч қачон уни сева олмаслигини тушунгач, Қорашоҳ саросимага тушади. Севишганларни бир-биридан айириб ҳам уларнинг орзу-умидларини сўндира олмади.

Қорашоҳ ақлдан озаёзган, ҳамма ерда уни Моданнинг шарпаси таъқиб этади.

 

Еттинчи кўриниш

«АБАДИЙ СЕВГИ»

Сарой қаршисидаги майдон. Бу ерга Моданнинг жасадини олиб келишган. Халқ донг қотган, Комде тушкунлик гирдобида қолган, Қорашоҳ саросимада.

Суйган ёрининг ўлимига чидай олмаган Комде йигитнинг танбурини кўксига қўйганича жон беради.

Севишганларни ўлимгина бирлаштира олди.

Комде ва Моданнинг Буюк Муҳаббати Абадият томон елиб боради.

Foydali ma`lumot