"Maysaraning ishlari" operasi

Ysh 6.12.2020 17:00

УЧ ПАРДАЛИ ҲАЖВИЙ ОПЕРА

Биринчи парда

     Майдон кўриниши. Ўртада  супача  кўзга  ташланади. Воқеалар бошланишидан дарак берувчи  увертюра янграйди. Саҳнага байрамона кайфиятдаги сайёр театр труппаси  актёрлари  кириб келадилар. Халқ уларни олқишлар билан кутиб олади.  “Майсаранинг иши” ҳажвий операсини намойиш этиш учун декорациялар томошабинлар кўз ўнгида йиғила бошлайди.

Бир дақиқада Майсаранинг ҳовлиси  кўриниши, у ердаги тўқимачилик дастгоҳлари, тўқувчи қизлар намоён бўладилар. Масхарабоз йигитлар халққа мурожаат қилиб, “Томошани бошлаймиз!” – дейдилар.

      Майсара – ҳалол, тўғрисўз, зукко ва меҳнаткаш аёл. Орзуси – жиянлари Ойхон ва Чўпоналини бахтли қилиш. Икки ёш бир-бирларини севишади.  Майсара  тез орада ёшларни қовуштириш ҳаракатига тушган. Ўн кундирки, савдо ишлари билан кетган Чўпоналидан дарак йўқ. Ойхон  “Ишқида ёндим” ариясини куйлайди. Дугоналари ҳам унга ҳамдард бўладилар. Даврага қувноқ кайфиятдаги Чўпонали кириб келади. Қизлар уни хурсандчилик билан кутиб оладилар. Биргина Ойхон  норозилигини, аразини  намойиш этади. Гина-кудуратга, пичингларга  бой айтишув бошланади. Соғинган икки қалб самимий қарашлари ва қувноқ  кулгилари билан  ярашадилар.

     Дарвоза ортида Қози билан Ҳожидарға пайдо бўладилар. Ичкаридан эшитилаётган  қизларнинг шодон  кулгиси  уларнинг диққатини тортади. Маънавий қашшоқ, ҳирс ва ҳою ҳавасга муккасидан кетган бу икки шахс  гўзал Ойхонга ошиқ бўлиб қоладилар. Хақиқатгўй Майсаранинг танқидларига бир неча бор учраган аламзада  Қозига  севишганларнинг бундай бахтиёр ҳолати ёқмайди. Ёшларни тарбиясизликда айблайди. Ойхоннинг висолига етишиш ва Майсарадан қасд олиш учун бу яхши баҳона эди. Бу режа Ҳожидарғага ҳам маъқул бўлади. Ҳовлига Ойхон  умидида юрган  яна бир ошиқ – Ҳидоятхон кириб келади. У Майсарага қачонлардир алдов  йўли билан Қозига олдириб қўйган тиллоларини қайтариш эвазига Ойхонга етишиш истагини билдиради.  Майсара  топқирлик билан, “Агар Қозидаги тиллоларни ундириб берсангиз, Ойхонга етишасиз”, – дейди. Ҳидоятхон хурсанд ҳолатда кета бошлайди ва иш билан банд бўлган  Ойхонни кузатади. Кўча тарафдан ит вовуллаши ва Мулладўст овози эшитилади. Саросимага тушган Ҳидоят дарвоза  ёнидаги супачага  яширинади. Мулладўст уни кузатиб турган эди. Келади ва атайлаб унинг устига ўтиради.

       Мулладўст дарвозахонадан мўралаб, ҳовлида  юрган Майсарага кўзи тушади.  Қозидан  хат келтирганини айтади. Ҳаяжонини яшира олмайди. Кўпдан бери  Мулладўст ҳам Майсарага бефарқ эмас эди. У ўз тақдиридан ўксиниб “Ёлғизлигим ҳам бевалик” ариясини  куйлайди. Тўсатдан Ҳожидарға бошчилигидаги миршаблар  пайдо бўладилар. Улар Майсарани ҳибсга олиб чиқиб кетадилар. Ҳамма ҳаяжонда бу воқеани кузатиб туради. Ҳовлида ҳеч ким қолмаганлигидан фойдаланган  Қози ўз гумашталари билан Ойхонни ўғирлаб кетади.

Иккинчи парда

    Ойхон Қозининг уйида азоб чекмоқда. Унинг ёнига дарғазаб  Қози келади. Ойхон унга тик қараб: «Ўлдир, эй, ваҳший! Севгидан қайтгандан ўлганим яхши!» – дейди. Қози Ойхонни қамаб қўйишни ва Мулладўстга ҳовлига ҳеч кимни киргизмасликни буюрганча кўчага чиқиб кетади.

    Мулладўст ўттиз йилдан бери шу даргоҳда сўққабош, бўйдoқ ҳолда умри ўтаётганлигидан хафа. Кириб келган Дарға унинг қўшигини эшитиб, унга бир бева аёл топганлигини, бунинг эвазига эса Қозининг сандиғи калитини беришни сўрайди. Дарға ҳужжатни қўлга киритгач, мамнун ҳолда чиқиб кетади. Кутилмаганда, эҳтиёткор ҳаракатлар  қилиб Ҳидоятхон пайдо бўлади. У ҳам Қозининг сандиғидан Майсарага тегишли  тиллоларни  олиш пайида.

Майсара билан Чўпонали келадилар. Шу пайтда Ҳидоятни кўриб Чўпонали ўзини панага олади. Ҳидоят Майсарага пулни беради. Кечқурун Ойхон васлига етишини эшитиб, хурсанд ҳолда чиқиб кетади. Ичкаридан аёл кишининг йиғиси эшитилади, Майсара Ойхонни овозидан танийди. Қози Ойхонни Майсаранинг ёнига олиб чиқади ва ичкарига  кетади. Майсара Ойхонга уни қутқариш учун келганлигини, ҳозирча Қозига бўйсунгандай бўлиб кўринишни таклиф этади. Кечқурун Қозини ўз хонадонида кутишини айтиб, Майсара Ойхонни олиб кетади.

Учинчи парда

   Майсаранинг ҳовлиси. Ярим кеча.  Ойхоннинг отаси  Шокир гунг ва Чўпон кириб келадилар. Ойхон уларни хурсандчилик билан қарши олади. Лекин Майсара  ҳали олдинда  Қози, Дарға ва Ҳидоят турганлигини эслатади.

Уларни тузоққа илинтириш ва халқ олдида шарманда қилиш режасини  тузадилар.

   Биринчи бўлиб совға кўтарган Қози келади. Чўпоннинг овозини эшитиб Майсарадан уни яширишини ёлворади.

   Ҳидоят кириб келади. Чўпон эшикни тақиллатиб дўқ уради. Ваҳимага тушган Ҳидоятга Майсара ўзи олиб келган либосларни тезда кийишини буюради. Ниҳоят, Дарға келади. Майсарага ваъда берган васиқа қоғозини бериб, тезроқ Ойхонни келтиришини сўрайди. Майсара аёл либосидаги Ҳидоятни унга рўпара қилади. Илгаридан келишилганидек, Чўпоналининг тўсатдан келиб қолганидан қўрққан Дарға супача остига яширинишга улгуради. Мулладўст  бутун маҳалла аҳлини  чорлайди. Халқ йиғилади. Ўлан айтиб рақсга тушадилар. Ҳўкиз терисини ёпинган Қози, аёллар кийимидаги Ҳидоят ва Дарғаларни халқ олдига бирин-кетин судраб олиб чиқадилар. Халойиқ Майсаранинг зеҳнига ва уддабуронлигига таҳсинлар айтади. Ҳақиқат тантана қилади.

 

Foydali ma`lumot
Chiptani qaytarib berish haqida ma'lumot:
Tadbir kuni ko'chirilgan yoki bekor qilingan taqdirda, pulni qaytarish jarayoni 14 ish kuni ichida amalga oshiriladi