• Қақнус қуши
    Бир пардали балет (2 кўринишли рус сеҳрли эртаги)

    Баланд тош девор билан ўралган ҳашаматли боғ. Унинг юқорисида, тоғда Ўлмас Кашчейнинг қасри. Қора тун бирдан ёришиб кетади. Бу Қақнус қуши Кашчейнинг боғига олтин олмаларни чўқилаш учун учиб келганидан дарак беради. Учиб ўтди ва кўздан йўқолди. Деворда шаҳзода Иван пайдо бўлади. Сеҳрли қуш ортидан қувиб у девордан ошиб ўтади ва қаерга келиб қолганини англолмай у ёқ-бу ёққа аланглайди. Боғ тўрида Иван тошга айланган бир неча рицарларга кўзи тушади. Улар аввал бу боғга ёвуз Кашчей ўғирлаб кетган қаллиқларини олиб кетиш учун келган эдилар. Кашчей уларнинг ҳаммасини харсангтошга айлантириб қўйган, тошларни эса пўпанак босиб кетган. Ҳозир улар Иванни қизиқтирмайди, у Қақнус қушини тутиб олиш ниятида.

    Кўз қамашадиган ёрқин нур яна ҳаммаёққа таралади ва қуш янгидан парвоз қилади. Иван беркинади. Қақнус қуши ярқирайди ва учқун сачратади. У олтин олмали дарахтга яқинлашганда шаҳзода уни тутиб олади. Қуш қочмоқчи бўлади, уринади, юлқинади, бироқ кучсизлана боради. Қақнус ерга чўзилади ва раҳм-шафқат қилишни ўтиниб сўрайди. Иван унга ачинади ва Қақнусни қўйиб юборади. Миннатдор қуш шаҳзодага ўзининг оловли патини совға қилади. «У сенга керак бўлади», - дейди Қақнус ва учиб кетади.

    Шаҳзода Иван боғдан чиқиб кетмоқчи бўлиб турганида юқоридаги қаср тарафдан асирга олинган ўн уч малика тушиб келади, улар орасида ўхшаши йўқ Тенгсиз Соҳибжамол ҳам бор эди. Улар узун оқ кўйлакларда, ялангоёқ, тунда бир оз яйраш ва олтин олмаларни ўйнаш учун келган эдилар. Иванни кўрмай, улар бир-бирларига олмаларни отиб ўйнайдилар, яйраб кулишадилар. Тенгсиз Соҳибжамолнинг олмаси девор томонга, Иван яшириниб ўтирган жойга думалаб боради. Иван олмани ердан олади ва таъзим билан қизларга қайтаради. Дастлаб улар нотаниш йигитдан чўчишади, бироқ унинг чиройи ва боадаблигини кўриб, уни ўзларининг доираларига қўшадилар. Тонг отади. Қизлар қаср томон шошиладилар, Иван уларга етиб олишга уринади, бироқ Тенгсиз Соҳибжамол уни тўхтатади. «Юқоридаги қаср томонга ўрнатилган олтин дарвозани зинҳор-базинҳор оча кўрма, ҳалок бўласан», - дейди қиз. Йигитни огоҳлантираркан, ўзи ўша сеҳрли дарвозани ёпиб, ғойиб бўлади.

    Узоқ ўйлаб ўтирмай, Иван қиличи билан дарвозани чопа бошлайди ва жаранг-журунг овозлари боғни тутади. Кашчейнинг салтанати уйқудан уйғонади. Турли бадбуруш махлуқлар жасур йигит томон ташланишади, бироқ у ҳеч бир қийинчиликсиз уларни елкасидан улоқтириб ташлайди. Энди Кашчейнинг ўзи ҳам пайдо бўлади — у бўйдор, қоқсуяк чол. Иванни терговга чақиради. У чолга яқинроқ келади, ҳатто хўжайин билан саломлашиш учун бош кийимини ечмоқчи ҳам бўлади, бироқ сеҳргарнинг жирканч юзига кўзи тушгач, нафрат билан у томон тупуради. Йигитни ўраб олган махлуқлар норози бўлиб ўкирадилар ва унга ташланадилар. Асираларнинг Кашчейга Иваннинг гуноҳини кечишни сўраб қилган илтижолари бесамар кетади ва у росмана ғазабланади ҳамда афсун ўқийди. Хизматкорлар югурганча қочишади, чунки Иван ҳозир тошга айланади. Шаҳзода сўнгги кучларини тўплаб қўйнидан Қақнус берган патни чиқаради. Уни силкитиши биланоқ ёрдамга шай Қақнус учиб келади.

    Ёрқин нур атрофдагиларнинг кўзини қамаштиради ва улар тийиқсиз рақсга тушишга мажбур бўлишади. Рақс гирдоби турли алвастилар, тасқаралар ва бошқа жирканч махлуқларни ўзига тортади ва айлантира бошлайди. Кашчей ҳам ўзини тутиб тура олмайди. Барча хизматкорлар ҳам ерга думалашади. Қақнус улар узра қанотларини оҳиста силкитади, Кашчейнинг бутун салтанатини уйқу элтади. Иван ўзи ёқтириб қолган Тенгсиз Соҳибжамолни олиб кетишга шайланади, бироқ Қақнус уни дарахт коваги томон бошлайди. Ковакда қутича, унинг ичида тухум, тухум ичида эса Кашчейнинг ўлими. Салтанат уйқудан уйғонади, Кашчейнинг ўзи қутича томон шошади, лекин энди кеч бўлган эди. Иван тухумни олиб сиқади, Кашчей ўзини у ёқдан бу ёққа уради. Иван тухумни ерга улоқтиради, у чилпарчин бўлади, Кашчей ҳам, унинг бутун салтанати ҳам изсиз йўқолади.

    Қасрхристианлар ибодатхонасига айланади. Паҳлавонлар тириладилар, уларнинг ҳар бири йўқолган қаллиғини топади. Шаҳзода Иван Тенгсиз Соҳибжамолни хотини деб эълон қилади ва уни шоҳ сифатида кўкларга кўтарадилар.

     

    «Шаҳризода»
    Н. Римский-Корсаков мусиқасига бир пардали хореографик драма.

    Шаҳриёр султоннинг саройи. Канизаклар ва суюкли рафиқаси Зубайда зериккан хўжайинларининг кўнглини чоғ қилиш билан бандлар. Султоннинг кичик укаси Шоҳзамон ҳам шу ерда, суюкли хотини ўзига хиёнат қилганидан сўнг аёлларга ишончини йўқотган. У акасининг хотинларига ҳам ишонмайди ва акасига уларнинг садоқатини синаб кўришни таклиф этади. Иккала султо­н овга отланишади, хотинлари уларни илиқ кузатиб қолишади. Бироқ хўжайинлари кетиши биланоқ улар бош ҳарам оғасини сотиб олишади ва у ҳарамнинг эшикларини очиб беради. Қора танли қуллар отилиб киришади ва уятсиз айш-ишрат бошланиб кетади. Бунда ҳам Зубайда бош-қош, ўзининг суюкли Қули билан вақтичоғлик қилади. «Базми-жамшид» авжига чиққан паллада ака-укалар қайтиб келишади. Шоҳзамон тантана қилади, ғазабга минган Шаҳриёр ҳаммаларини шу жойнинг ўзида қатл этишга ҳукм қилади.

    Султоннинг хизматкорлари канизаклар, ҳарам оғалари ва қора танли қулларни бирма-бир қиличдан ўтказадилар. Султон ўзидан ҳам кўпроқ ишонган хотини Зубайда, Шаҳриёрга гапи ўтишидан умид қилиб, уни раҳм-шафқатга чақиради. Султон уни қатл этиш ҳақида ҳукм чиқаришга жазм қила олмайди. Бироқ айёр укаси Зубайданинг чопиб ташланган жазмани томон нафрат ила ишора қилади. Шаҳриёр жаллодларга белги беради, бироқ хотини султоннинг ханжарини тортиб олишга улгуради ва ўзига санчади. Шаҳриёр хиёнаткор, бироқ суюкли аёли жасади устида ўкириб йиғлайди.

O`tkazish joyi

A. Navoiy nomidagi DAKT

Manzil
Toshkent, Zarafshon ko'chasi, 28 uy
Telefon
+998 71 233 90 81
Foydali ma`lumot

Chipta narxiga hizmat haqi qo`shiladi 10% (QQS 21%) har bir chipta uchun

Tadbirning davomiyligi:
18:30 - 20:30 - Jm, 24 May