J. Bizening «Karmen» operasi

Shan 26.10.2019 18:00

A. Navoiy nomidagi DAKT

44 000 - 55 000 UZS

Chiptalar qaytarib olinmaydi.

  • Биринчи парда.

     Севильедаги казарма ва сигара фабрикаси ўртасидаги майдон. Қоровулхона ёнида жойлашиб олган аскарлар чекиб, ўтган-кетганни кузатадилар. Ёш қиз Микаэла пайдо бўлади; у уялинқираб аскарларга қарайди ва уларнинг ёнига келишга тортинади. Бригадир Моралес ундан, сенга нима керак, деб сўрайди. Микаэла сержант Хозени қидираётганини айтади. Сержант ҳозир бу ерда эмаслигини, бироқ қоровулни алмаштириш учун бир оздан сўнг келишини билгач, Микаэла югуриб кетади ва уни ўраб олган аскарларга қоровул алмашгандан кейин келишга ваъда беради. Узоқдан яқинлашиб келаётган янги қоровулларнинг шахдам қадамлари эшитилади. Бир тўда болалар драгунларнинг қадам ташлашига тақлид қилишади. Янги қоровуллар кўприк орқали лейтенант Цунига билан, сержант Хозе бошчилигида ўтиб боришади. Қоровул алмашинади. Навбатчиликни алмашган драгунлар, болакайлар ва томошабинлар кетишади. Қолган аскарлар қоровулхонага кириб кетишади. Хозе ва Цунига майдонда ёлғиз қоладилар. Лейтенант Хозедан фабрикада ишлайдиган қизлар ҳақида сўрайди. Хозе улар эркакларга шўхлик қилишни яхши кўришлари, бироқ ўзи уларга аҳамият бермаслигини айтади.  Цунига Хозенинг уни бу ерга излаб келган Микаэлага муносабати ҳақида гап очади. Хозе Микаэлани, яъни қаллиғини чиндан ҳам севишини тан олади. Фабрикада танаффус вақти келганлигини билдириб қўнғироқ чалинади. Майдонда чиқиб келаётган ишчи қизларга айланишаётган ўспиринлар пайдо бўлишади. Хозе занжирини тозалайди ва, афтидан, унинг атрофида рўй бераётган воқеалар билан қизиқмайди. Чиройли лўли қиз Кармен пайдо  бўлади. Кўча олифталари унинг атрофида гирдикапалак бўладилар ва муҳаббатларини изҳор қиладилар. Кармен уларга ҳеч қандай қонунларга бўйсунмайдиган севги эркинлиги ва қудрати ҳақида қўшиқ куйлайди. Қўшиқ айтаётган Кармен Хозе томонга маъноли қараб қўяди, лекин сержант бунга эътибор бермай ўз ишида давом этади. Кармен аста-секин унга яқинлашади, кўксидаги гулни юлиб олади ва унинг юзига отади. Хозе курсидан ирғиб туради. Оломон хахолайди. Шу пайт қайтадан қўнғироқ эшитилади. Кармен ва бошқа ишчи қизлар фабрика томон югуришади. Хозе сездирмайгина гулни ердан олади ва уни ҳидлайди. Карменнинг гўзаллиги ва мардона қилиғи унинг қалбини ларзага солади. Кириб келган Микаэлани кўриб, Хозе унга томон ошиқади. Микаэла унга онасидан хат ва пул солинган кармонни тутқазади. Қиз уялинқираб онаси унга ўпич ҳам юборганини маълум қилади ва Хозенинг пешанасидан ўпиб қўяди. Онасининг меҳрибонлиги ва Микаэланинг латофатидан ўта таъсирланган Хозе бу ўпич унга вақтида юборилгани ва уни ёвузликлардан ҳимоя қилишини айтади. Ўз навбатида у Микаэла орқали онасига ўпич ва салом юборади ва мактубни ўқишга тутинади, бироқ Микаэла шошилиб хайрлашади. Хозе уни қолишга ундайди, лекин қиз одоб нуқтаи назаридан хатни ёлғиз ўқигани маъқул эканлигини билдириб, бошқа сафар келишга ваъда бериб, кетади. Мактубни ўқигач, Хозе онасининг истагини бажо келтиришини ва севган қизи Микаэлага уйланишини ўзига ўзи айтади. У Кармен берган гулни олиб, ташлаб юбормоқчи бўлади, лекин шу пайт фабрикадан шовқин ва қий-чув эшитилади. Лейтенант Цунига ва аскарлар қоровулхонадан чопиб чиқишади. Фабрика ишчи қизлари ёрдамга чақиришади ва лейтенантни ўраб олиб, фабрикада Кармен ва бошқа бир қиз ўртасида муштлашув содир бўлганини хабар қилишади. Икки нафар аскар фабрикадан Карменни олиб чиқишади. Маълум бўлишича, умумий ур-тўполонда Кармен бир ишчи қизни пичоқ билан яралабди. Лейтенант Цунига уни сўроқ қиляпти. Ғазабга тўлган Кармен нима гаплигини айтиб беришдан зўр бериб бош тортмоқда. Ундан бир иш чиқмаслигини билган лейтенант сержант Хозега қизни қамоққа олишни ва қўлларини боғлашни буюради, ўзи эса буйруқ ёзиш учун чиқади. Хозе билан ёлғиз қолгач, Кармен у билан гаплашиб, Хозе уни яхши кўришига шубҳа қилмаслигини айтади. Хозенинг жим бўлиш ҳақидаги буйруғига жавобан қиз унга ноз-карашма билан қарайди ва сержантга уч кун олдин ўзининг севган йигитини қувиб солганини айтиб, Хозега ўзининг эркин қалбини таклиф этади. У қувноқ қўшиқ куйлаб, унда Хозени у билан дўсти Лилас Пастьянинг шаҳар ташқарисидаги тамаддихонасига бориб ичиш ва рақсга тушишга таклиф этади. Хозе ҳис-туйғуларини жиловлашга ҳаракат қилади ва унга ашулани бас қилишни буюради. Бунга жавобан Кармен сержант унга орзу қилишни ман эта олмаслигини ва у офицерни орзу қилаётганини айтади. Хозе ортиқ ўзини тутиб тура олмайди ва қизга муҳаббат изҳор қилади. Ишқ ўтида Хозе қизнинг қўлидаги арқонни бўшатади. Кармен ғалабасини тантана қилади. Лейтенант қамоққа олиш ҳақидаги ёзма буйруқ билан кирганда Кармен ўзини майдонга қайтган фабрика ишчи қизлари орасига уради, қаттиқ итариб Хозени йиқитади ва қизга ҳамдард оломон оралаб қочиб қолади.

     

    Иккинчи парда.

     Лилас Пастья тамаддихонаси. Столлар атрофида ўтирган офицерлар май ичишмоқда. Контрабандачилар ва лўлилар рақсга тушишяпти. Лейтенант Цунига Карменнинг кўнглини олиш билан овора, қизнинг эса парвойи палак. Рақслар янада жойланади. Кармен доира чалганча рақсга тушувчиларга қўшилади. Ниҳоят, ҳориганча курсига чўкади. Тамаддихона хўжайини меҳмонлардан маишатни тўхтатишни сўрайди, чунки тамаддихонани ёпиш вақти бўлган эди. Ташриф буюрувчилар кетишга ҳозирланадилар. Шу вақт ташқаридан қўшиқ овози эшитилади. Аниқланишича, халқ Гренада цирки қаҳрамони тореадор Эскамильони қутламоқда экан. Офицерлар деразадан унга тамаддихонага кириб, ўртоқлари билан муваффақият учун ичишларини таклиф қиладилар. Оломон билан бирга Эскамильо киради. Тореадор аскарга дўст ва оға эканлигини уқтираркан, мардона қўшиғида цирк саҳнасида буқалар жангини ва унда тореадор ҳар дақиқа ўлим билан рўпара туришини куйлайди; циркда ҳозир бўлган барчанинг нигоҳи тореадорга қаратилган, унинг ҳаёти ўз кучи ва моҳирлигига боғлиқ. Қўшиқ барчага манзур бўлади ва Карменга айниқса хуш ёқади ва ҳамма тореадорни олқишлайди. Кармен унга май қуйиб узатади. Бунга жавобан Эскамильо унинг роса ёқиб қолганини айтади. Кармен хатти-ҳаракатлари зое кетишини, унинг севгингдан умидвор бўла оламанми, деган саволига эса кутиш ва умид қилишни унга ман этмаслигини билдиради. Лейтенант Цунига Карменга тамаддихонага яна келишга ваъда беради. Ҳамма кетади, Кармен ва лўли қизлар Фраскита ва Мерседес қоладилар, холос. Шундан кейин контрабандачилар Данкайро ва Ремендадо кириб келишади. Улар бир юмушлари борлигини, уни бажаришда аёлларнинг кўмагига муҳтож эканликларини айтадилар. Кармен бу ишда иштирок этишдан бош тортади, сержантни севиб қолганини, у билан қолмоқчи эканлигини ва уни кутаётганини айтади. Узоқдан сержантнинг қўшиғи эшитила бошлайди: Хозе Карменнинг ҳузурига тўғри гауптвахтадан келяпти, у ерда қизни ўзбошимчалик билан қамоқдан озод қилгани учун роппа-роса бир ой ўтириб чиқди. Контрабандачилар Кармендан сержантни ҳам ўзларининг тўдасига қўшилишга кўндиришни сўрашади. Кармендан бошқа ҳамма кетади. Хозе пайдо бўлади ва Кармен уни қувонч билан қарши олади. У сержантга тамаддихонага офицерлар келгани ва у рақсга тушганини гапириб беради. Хозе уни рашк қилади. Кармен сержантни тинчлантиради ва унинг қаршисида рақсга тушишга ҳозирланади. Ўзининг мафтункор рақси билан Кармен Хозени ширин хаёллар оғушига олади. Карнайларнинг овози тонг отаётганидан хабар беради. Хозе Карменга йўқламага етиб бориш учун шошилиши лозимлигини айтади. Кармен сержант уни шунча вақтдан буён орзиқиб кутган қизни казармага қайтиш учун ташлаб кетаётганидан шикоят қилади. Жаҳл устида Кармен нарсаларини унинг юзига отади ва қувиб солади. Хозе уни ўзининг севгисига ишонтиришга ҳаракат қилади, унга Кармен бир вақтлар ирғитган гулни кўрсатади ва гулни доим ёнида олиб юрганини айтади, шунингдек, эҳтиросларини босишга қанчалик ҳаракат қилмасин, қиздан воз кеча олмаслигини билдиради. Шунда Кармен унга ўзи билан қочишни ва контрабандачиларга қўшилишни сўрайди. Хозе нима қилишини билмай бир зум чорасиз қолади, бироқ бурч ҳисси устунлик қилади ва эшик томон интилади. Шу он эшик тақиллайди ва лейтенант Цунига кўриниш беради. Сержантга кўзи тушиб, бу ердан кетишни буюради. Хозе кетишдан бош тортади. Иккалалари қиличларини яланғочлашади ва бир-бирларига ташланишади. Кармен ёрдамга чақиради. Контрабандачилар югуриб кирадилар. Данкайро ва Ремендадо Цунигага ташланишади. Унга тўппончаларини ўқталиб, устидан кула бошлайдилар. Эҳтиросларнинг қурбони бўлмиш ожиз Хозе контрабандачига айланади.

    Учинчи парда.

     Саҳродаги қояли жойлар. Тун ярми. Контрабандачилар елкаларида моллар билан лиқ тўла тугунларни кўтарганча қоялардан тушиб келишмоқда ва  ҳордиққа тайёрланишяпти. Хозе ўйчан ҳолда узоқ-узоқлардан кўз узмайди. Кармен ундан нималарни кўраётганини сўрайди. У ўша томонда, водийда онаси яшашини, уни ҳалол-пок инсон деб ҳисоблашини алам билан айтади. Кармен, агар унга бу ер ёқмаётган экан, онасининг ёнига кетишини жиддий тарзда таклиф этади. Хозе унинг таклифидан таажжубда қолади ва ғазаб билан пичоққа ёпишади. Кармен бамайлихотир унга ўлимдан қўрқмаслигини айтади, Хозедан узоқлашади ва лўли қизларга қўшилади. Хозе қоялар томон йўл олади. Фраскита ва Мерседес қартада фол очиш билан бандлар. Кармен уларни кузатиб туради, кейин эса қарталарни олиб, ўз тақдиридан фол очади. Қарталар бир неча бор унинг ўлимидан дарак беради. Данкайро ва Ремендадо разведкадан қайтишади ва йўл эркин бўлмаса-да, ўтиб кетишга ҳаракат қилиш мумкинлиги ҳақида маълум қиладилар. Хозени молларни қўриқлаш учун қолдиришади; бошқа контрабандачилар кетишади. Хозе қоянинг ортига беркинади. Қоялардан сўқмоқ йўл бўйлаб йўлбошловчи ҳамроҳлигида Микаэла тушиб келмоқда. Бу ерга у қаллиғи Хозени лўли қизнинг таъсиридан қутқариш ва онасининг ғам-андуҳи ҳақида хабар бериш учун келди. Қоядаги Хозега кўзи тушган Микаэла уни чақиради, бироқ бу вақтда Хозе кимнидир нишонга олаётган эди. Ўқ овози эшитилади. Қўрқиб кетган Микаэла қоялар ортига қочиб яширинади. Қарши тарафда Эскамильо кўриниш беради, Хозе унга қарата ўқ узган ва теккиза олмаган эди. Эскамильо Хозега Карменни яхши кўришини, уни олиб кетиш учун келганини очиқ айтади. Хозе билан таниш бўлмагани учун унга Кармен турмада ўтириб чиққан ва қизни деб дезертирга айланган ўша драгунни кўнгли хушламай қолгани хабарини беради. Хозе унга ўз исмини айтади ва пичоқлашиб ҳисоб-китоб қилишни талаб этади. Иккалалари пичоқларини оладилар ва курашадилар. Хозенинг қўли баланд кела бошлайди. Шу он Кармен ва контрабандачилар югуриб кирадилар. Кармен Хозенинг қўлидан тутади. Эскамильо бошқа бир қулай фурсатда у билан орани очиқ қилишга ваъда беради ва, кетаркан, ҳаммани бир неча кундан кейин Севильяга буқалар жангида унинг муваффақиятини томоша қилишга таклиф этади. "Менда кўнгли бор ул соҳибжамолни, – қўшиб қўяди у, – ўша ерда кутаман". Хозе тореадорга ташланишга ошиқади, бироқ уни икки нафар  контрабандачилар тутиб қоладилар. Эскамильо кетади. У кўздан йўқолгач, Хозе Карменга таҳдид қилиб, эҳтиёт бўлажагини, азоблардан чарчаганини айтади. Кармен елка қисади ва ундан нари кетади. Лўлилар йўлга отланишади. Шу вақтда контрабандачилардан бири қоялар ортига беркинган  Микаэлага кўзи тушади ва уни келтиради. У Хозе томон талпинади ва ғам-андуҳда қолган онаси ўғлини кўзи тўрт бўлиб кутаётганини ва ҳузурига келишини ўтиниб сўраётганини маълум қилади. Кармен унга уйга қатишни маслаҳат беради, чунки ундан яхши контрабандачи чиқмаслигини яширмайди. Хозе уни Эскамильо билан хиёнат қилганликда айблайди, аммо ундан воз кечмаслигини, фақат ўлим уларни бир-бирларидан ажратишини қатъий айтади. Ўзининг ўтинишларидан фойда йўқ эканлигини тушунган Микаэла унга ростини айтишга, яъни онаси ўлим тўшагида эканлигини ва сўнгги соатларида ўғли билан рози-ризолик қилиш ниятидалиги хабарини беришга қарор қилади. Бу сўзлар Хозега қаттиқ таъсир қилади ва Микаэла билан кетаркан, Кармен билан яна кўришиши ҳақида огоҳлантиради. Узоқдан Эскамильонинг қувноқ қўшиғи эшитилади. Хозе бир зум беқарорликда қотади, бироқ Микаэлага эргашиб секин-аста йироқлашади. Контрабандачилар молларни олиб йўлга тушадилар.

     Тўртинчи парда.

     Севильяда цирк рўпарасидаги майдон. Майдонда буқалар жангини интиқлик билан кутаётган оломон шодон қийқиради. Бир томонда рақсга тушувчилар гуруҳи пайдо бўлади. Сурнайларнинг овози эшитилади. Тореадорлар, алгуазиллар ва пикадорлар намойишкорона қадам ташлашади. Оломон уларнинг ҳар бири ҳақида фикрларини билдиради. Кейин ясан-тусан қилиб олган ноз-фироқли Кармен ёнида Эскамильо кўриниш беради. Халқ уни шўх-шодон қичқириқлар билан кутиб олади. Эскамильо Карменга, агар у тореадорни яхши кўрса, бугунги муваффақияти билан фахрланади, дейди. Бунга жавобан Кармен, унинг учун ҳеч ким у каби қадрли бўлмаганини айтиб энтикади. Фраскита Карменнинг ёнига келиб, унинг қулоғига бу ердан тезроқ кетиш лозимлигини секингина шипшитади, чунки уни оломон орасида сездирмай Хозе кузатяпти. Кармен йигитдан қўрқмаслигини ва шу ерда қолишини айтади. Ҳамма циркка кетганида Кармен майдонда бир ўзи қолади. Хозе унга яқинлашади. Кармен йигитга унинг шу ерда эканлиги, ундан ҳайиқиш лозимлиги ҳақида қизлар огоҳлантиришганини айтади. Бунга жавобан Хозе қўрқитиш учун келмаганлигини, фақат олдинги севгисини қайтаришини сўрайди. У қизнинг ҳамма қилғиликларини кечиришини ва қиз хоҳлаган жойга у билан бирга кетишга тайёр эканлигини айтади. Кўзларида ёш билан у қиздан аввалги муҳаббат онлари бахтини қайтаришини ёлвориб сўрайди. Кармен дадиллик билан унга нисбатан эҳтироси сўнганини ва фақат эркинликни ёқтиришини айтади. Шу пайт циркдан Эскамильонинг шарафига ҳайқириқлар эшитилади. Кармен ва Хозе қулоқ тутишади. Кармен қувончга тўлиб циркка кириш томон тез юра бошлайди. Хозе унинг йўлини тўсади, қизни хушторининг ёнига киритмасликка қасам ичади. Кармен қаҳр билан Эскамильони севишини ва ҳатто ўлим хавф солса ҳам ундан кечмаслигини айтади. Хозе эҳтиросли ёлворишлардан таҳдид солишга ўтади. Бироқ Кармен унинг ортидан бормаслигини қатъий туриб билдиради. Циркдаги қўл силкишлар ва қичқириқлар иккинчи бор эшитилганда у кириш томон ошиқади. Хозе бунга йўл бермайди. Шунда Кармен ўзи совға қилган узукни ғазаб билан ечиб олади ва йигитнинг оёғи остига ташлайди. Хозе пичоғини олади ва ғайритабиий ҳайқириқ билан "Унда сенга ўлим!" деб Карменга пичоқ уради. Шу дақиқада циркка кириш узра осилган дарпарда очилади ва оломон қуршовида Эскамильо чиқиб келади. Хозе Карменни мен ўлдирдим, дейди ва унинг танаси устига ўзини ташлаб: "Сени севмасми эдим, Кармен, жонгинам!" дейди.

O`tkazish joyi

A. Navoiy nomidagi DAKT

Manzil
Toshkent, Zarafshon ko'chasi, 28 uy
Telefon
+998 71 233 90 81
Foydali ma`lumot

Chipta narxiga hizmat haqi qo`shiladi 10% (QQS 21%) har bir chipta uchun

Tadbirning davomiyligi:
18:00 - 21:00 - Shan, 26 Okt