ИМОМ БУХОРИЙ ИННОВАЦИОН МУЗЕЙИ ҲАҚИДА
Янги Ўзбекистонда буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу йўналишда амалга оширилган муҳим лойиҳалардан бири – Имом Бухорий инновацион музейи ҳисобланади. Ушбу музей буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва бебаҳо меросини замонавий ахборот технологиялари асосида кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.
Музейни ташкил этиш ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил август ойида Самарқанд вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган. Лойиҳанинг асосий мақсади – ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, Имом Бухорий меросини чуқур ўрганиш ва унинг аҳамиятини кенг тарғиб қилишдан иборат.
Музей экспозициялари замонавий интерактив усуллар орқали ташкил этилиб, ташриф буюрувчиларга Имом Бухорий яшаган давр муҳити, илм йўли ва ҳаёти ҳақида тўлиқ тасаввур беради.
Музей 9 та тематик павильондан иборат бўлиб, улар қуйидаги йўналишларни қамраб олади: “Нубувват ва Муҳаммад алайҳиссалом”, “Ҳадиси шариф”, “Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти”, “Имом Бухорий – буюк феномен”, “Имом Бухорий фазилатлари”, “Имом Бухорий авлодлари”, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” – ислом динининг иккинчи ёзма манбаси, “Имом Бухорий меросининг бугунги кундаги аҳамияти”.
Хусусан, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ислом динининг Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манбаларидан бири сифатида алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, музейда унинг мазмуни, таржималари ва дунё кутубхоналарида сақланаётган нусхалари ҳақида маълумотлар тақдим этилади.
Музейнинг яна бир муҳим жиҳати – интерактив ўйинлар (болалар учун инновацион “учар гилам”) ва замонавий технологиялар орқали ташриф буюрувчилар, айниқса ёшларнинг қизиқишини оширади. Бу каби ечимлар музей муҳитини жонлантириб, таълимий жараённи янада қизиқарли ва самарали қилишга хизмат қилади. Натижада ташриф буюрувчилар, айниқса ёшлар, Имом Бухорийнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ” деган ғоясини чуқур англаб етадилар.

50 000 UZS
25 000 UZS
50 000 UZS
300 000 UZS
66 000 UZS
150 000 UZS